Мьянмадаги қадимий Баган ибодатхона мажмуасида бўлган россиялик турист аёл диний анъаналарни бузган ҳолда киришда оёқ кийимини ечмагани учун маҳаллий суд томонидан етти ойлик қамоқ жазосига ҳукм этилди. Аёл ушбу мухлатни меҳнат колониясида ўтказади, деб хабар беради «РИА Новости».
«У оёқ кийимини ечиш лозимлигидан огоҳлантирилган эди, бунга жавобан аёл ибодатхонада оёқ кийимини ечиш мажбурий эканлигини белгиловчи қонунни кўрсатишни талаб қилди», — маълум қилди Баганнинг энг қадимий ибодатхоналаридан бири бўлмиш Анандада ишлайдиган, воқеага гувоҳ бўлган аёл Myanmar Times нашрига берган интервьюсида.
Россиялик аёл ибодатхона васийлик кенгаши шикоятига кўра ҳибсга олинди. У учта маҳаллий ибодатхонада ўзини шундай тутганликда айбланди.
Айтилишича, дастлаб аёл 367 доллар жарима тўлаш ёки бир ой ҳибсда ўтиришга ҳукм қилинган эди. Аммо у жарима тўлашдан бош тортди. Шундан сўнг аёлга нисбатан маҳаллий иммиграцион хизмат ҳам даъво билан чиқиб, Мьянма урф-одат ва анъаналарига беҳурматлик айблови билан белгиланган мухлатга яна ярим йил қўштиришга эришди.
Изоҳ (0)