Ҳиндистон энергетика вазири Пиюш Гойял маҳаллий йўлларни Россия трассалари билан адаштириб қўйди. Бу ҳақда IndiaToday хабар бермоқда.
Ҳинд кўчаларини ёритиш дастури муваффақиятларини тилга олган Гойял Twitter’даги саҳифасида фонарлар ўрнатилган трасса фотосини жойлаштирди ва унга «Ҳукумат 30 йиллик кўча фонарларини ёруғлик диодли чироқларга алмаштирди ва Ҳиндистондаги 50 минг километр йўлни ёритди», дея изоҳ берди.
Вазирнинг муштарийлари Гойял ёруғлик диодли фонарлар билан ёритилган Ҳиндистон йўллари ўрнига Россия трассаси фотосини қўйганига эътибор қаратди.
«Қойилмақом иш, жаноб. Фақат менда кичик илтимос бор: ҳаммаси тайёр бўлганида ҳақиқий фотодан фойдалансангиз», — дея киноя қилди улардан бири.
Мазкур танқидга жавобан Гойял яна бир пост чоп этди ва ҳушёр фойдаланувчиларга миннатдорлик билдирди. Вазирнинг оригинал твитидаги тасвир ҳақиқийсига алмаштирилди.
Изоҳ (0)