Кеча — 5 август куни Германия Суперкубоги учун беллашув ўтказилиб, унда Бундеслига ғолиби «Бавария» мамлакат кубоги соҳиби ҳисобланган Дортмунднинг «Боруссия» клубига қарши майдонга чиқди.
Учрашувга Дортмунддаги «Сигнал Идуна Парк» стадиони мезбонлик қилди. Бунгача «Бавария» асосий таркибининг 7 нафар аъзоси Суперкубокда майдонга туша олмаслиги айтилганди.
Шунга қарамай, Карло Анчелотти бошқараётган «Бавария» ўз иродасини намойиш қилиб, ўйин асосий вақти якунига 1 дақиқа қолганида мағлубиятдан қутулиб қолди. Мезбонлар икки бор олдинга чиқиб олишни уддалаган бўлса-да, якунда ғалабани сақлаб қола олмади.
Регламентга кўра, қўшимча дақиқалар белгиланмади ва дарҳол пенальтилар сериясига навбат берилди. Дортмундликлардан Себастьян Роде ҳамда Марк Бартра томонидан берилган зарбаларни Нойернинг ўринбосари ҳисобланган Свен Ульрайх қайтаришга муваффақ бўлди. Шу куни автогол ёзилган дарвозабон Роман Бюрки эса «Бавария» футболчиларидан фақатгина Жошуа Киммихнинг зарбасини бартараф қилди.
Бунга қадар Мюнхен клубида ишлаган хорижлик мураббийлардан ҳеч бири кетма-кет икки бор Суперкубокда зафар қуча олмаганди. Карло Анчелотти бу борада биринчи бўлди.
Германия Суперкубоги Дортмунд, Германия 5 август, шанба
Изоҳ (0)