Қирғизистоннинг Хитой билан чегарадош ҳудудида 3 август, пайшанба куни 4,8 магнитудали зилзила содир бўлди. Бу ҳақда Қирғизистон Фанлар академиясининг Сейсмология институтига асосланиб, «ТАСС» хабар берди.
Маълумотларга кўра, ерости силкинишлари маҳаллий вақт билан соат 06:15 да содир бўлган. Хабарда айтилишича, ер силкинишининг эпимарказида магнитуда 4,8 ни ташкил этган.
Зилзила ўчоғи Иркештом аҳоли пунтидан 4 километр шимоли-шарқда ҳамда Нура қишлоғидан 12 километр шимоли-шарқда жойлашган.
Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар беришича, табиий офат оқибатида ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ. «Бироқ ушбу маълумот айни вақтда аниқлаштирилмоқда», — дейди идора вакиллари.
Жорий йилнинг баҳорида мазкур ҳудудда содир бўлган 6 балли зилзила оқибатида юздан ортиқ бир қаватли аҳоли уйларига зарар етган эди, оқибатда юзлаб одамлар хавфсиз жойларга кўчирилган.
Изоҳ (0)