АҚШ президентининг катта маслаҳатчиси ва куёви Жаред Кушнер россиялик ҳуқуқшунос Наталья Веселницкая билан учрашувда иштирок этгани учун давлат сири ҳисобланадиган маълумотлар билан танишишдан маҳрум этилиши мумкин. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
CNN телеканалига кўра, ҳозирда Дональд Трампнинг куёви махфий маълумотлар билан танишишга вақтинчалик рухсатга эга, бироқ яқинда у доимий рухсат олишга талабнома берди ва ФҚБ ходимлари билан суҳбатдан ҳам ўтди. Оқ уйнинг айрим ходимлари Кушнерга тегишли рухсат берилиши рад этилиши мумкинлигидан жиддий хавотир олмоқда.
Давлат сирлари билан танишишга даъвогарни текшириш ФҚБ томонидан амалга оширилади ва шундан сўнг бюро тегишли ҳисоботни Оқ уйга юборади. Бу ерда хавфсизлик учун жавобгар ходимлар якуний қарор қабул қилади.
Трамп исталган ҳолатда, ҳатто Оқ уй ходимлари бунга рози бўлмаган тақдирда ҳам, куёвига давлат сирлари билан танишиш учун доимий рухсат тақдим этиш ҳақида кўрсатма бериш ҳуқуқига эга. Бироқ бу Трампнинг Россия билан «алоқалари» атрофидаги можарони янада авж олдириши мумкин.
Изоҳ (0)