Қатар давлат янгиликлар агентлигига уюштирилган ва Форс кўрфази мамлакатлари ўртасида тангликни келтириб чиқарган киберҳужум ортида Бирлашган Араб Амирликлари турган. Бу ҳақда The Washington Post Америка разведкасидаги мансабдорларга таяниб маълум қилди, деб ёзади «Газета.ru».
Нашр маълумотларига кўра, Америка разведкачилари олинган ахборотни таҳлил қилиб, БАА ҳукумати вакиллари 23 май куни ҳужум режасини ва уни амалга оширишни муҳокама қилганини тасдиқлади.
Шу билан биргаликда, ҳужумнинг ўзи 24 май куни юз берган. Аммо у бевосита БАА томонидан амалга оширилгани ёки БАА бошқа томонга мурожаат қилгани номаълум бўлиб қолмоқда.
Қатар ва унинг минтақадаги қўшнилари ўртасидаги зиддият Ар-Риёдда бўлиб ўтган Форс кўрфази мамлакатлари ва АҚШ саммитидан кейин юзага келди. Ўшанда Қатар янгиликлар агентлиги мамлакат амири номидан нутқ эълон қилган, унда Эрон билан алоқалар ўрнатиш ёқлаб чиқилган эди. Кейинроқ Қатар ТИВ расмий вакили агентлик сайтига хакерлар ҳужум қилиб, нутқни улар жойлаштирганини маълум қилди. Аммо Саудия Арабистони, БАА ва Баҳрайн бу раддияни ишончсиз деб топди.
Изоҳ (0)