Куз ойларида Қозоғистондаги Chevrolet қаторидаги иккита модель янгиланади. «Азия авто» заводи ўз қувватларида янгиланган Aveo седани ва Captiva кроссоверини чиқаришни йўлга қўймоқчи, деб хабар беради 1News.
Сентябрь ойида Қозоғистонда пайдо бўлиши кутилаётган Aveo АҚШда 2016 йил мартида Sonic номи остида тақдим этилган эди. Узунлиги 4,4 метрга тенг автомобиль янги бамперларга, фараларга ва чироқларга, шунингдек, бошқа радиатор панжараси ва капот қопқоғига эга бўлади. Қозоғистон бозорида Aveo 1.6 литрли, 116 от кучига эга бензинли мотор ҳамда 6 босқичли трансмиссия билан чиқарилади.
Янгиланган 7 ўринли Captiva илк бор 2015 йил ноябрида Дубайда намойиш этилган эди. Ушбу модификация бугун Ўзбекистонда йиғилмоқда. Кроссовер янги оптикага эгалиги билан диққатга сазовор. Шунингдек, унда олтита хавфсизлик ёстиқчаси бўлади. Мотор гаммаси икки вариантдан иборат: 167 от кучига эга 2,4 литрли ва 249 от кучига эга 3 литрли. Иккаласи ҳам 6 босқичли автомат ўтказмалар қутиси билан уйғунликда ишлайди.
Изоҳ (0)