Ўзбекистоннинг Киевдаги дипломатик ваколатхонаси хоразмлик бир яшар бола Лазизбек Шарифовнинг ҳаётини сақлаб қолиш борасида саъй-ҳаракатлар олиб бориб, муваффақиятга эришди. Бу ҳақда «Жаҳон» агентлиги хабар бермоқда.
Боланинг ота-онаси Дониёр Оллаберганов ва Рухсора Маткаримова ваколатхонага оғзаки мурожаат қилганидан сўнг мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказишга тайёргарлик жараёни бошланиб кетди. Ўзбекистон вакиллари ватандошларга имкон қадар ёрдам кўрсатди.
Украина соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар кардиологияси ва кардиожарроҳлиги маркази директори Илья Емец билан ўтказилган дастлабки маслаҳатлашувлардан сўнг юрак нуқсонининг кеч аниқланиши оқибатида Лазизбекнинг кам вақти қолгани маълум бўлди. Ана шунда болани Киевга етказиб, операциядан ўтказиш қарори қабул қилинди.
Аммо боланинг ота-онаси қимматбаҳо операция учун пул тўлаш имкониятига эга эмас эди. Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси палов тайёрлаш хайрия акциясини уюштириб, икки кунда тўпланган 40 минг гривна (1600 доллар) пулни харажатларни қисман қоплаш учун тиббий муассасага тақдим этди.
Марказ раҳбарияти боланинг ота-онасидан бошқа пул талаб қилмади.
Илья Емецнинг сўзларига қараганда, ўзбекистонлик жажжи мижоз оғир аҳволда марказга келтирилган. Чет элдаги кўплаб кардиоклиникалар унга ёрдам кўрсатишдан бош тортган.
16 июнь куни кардиохирург Ярослав Иванов мураккаб операцияни ўтказди, бешинчи кунга келиб Лазизбек кардиожарроҳлик бўлимига ўтказилди. Энди унинг ҳаётига ҳеч нарса таҳдид солмаяпти.
Лазизбек бундан кейин ҳам бир қанча жарроҳлик операцияларидан ўтказилиши лозим, улар боланинг ҳаёт давомийлиги ва сифатини оширади. Асосийси — болада имконият туғилди. Ва бу Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси ҳамда мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар кардиологияси ва кардиожарроҳлиги маркази ҳамкорлиги келтирган ягона муваффақият эмас. Охирги йилларда марказда Ўзбекистон фуқароларига 100 марта консултация ўтказилди, 20 маротаба жарроҳлик аралашуви амалга оширилди.
Изоҳ (0)