Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда 1 июлдан бошлаб ўзбекистонликлар хонандалар YouTube видеохизматига ўз клипларини жойлаштириш учун «Ўзбекконцерт» (собиқ «Ўзбекнаво») давлат муассасасидан рухсат олиши зарурлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида журналист Феруз Муҳаммад давлат муассасаси Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш бўлими бошлиғи Одилжон Абдуқаҳҳоров билан боғланди.

Одилжон Абдуқаҳҳоров.

Одилжон Абдуқаҳҳоров.
Фото: «Дарё»

— Хонандалар энди ўз видеомаҳсулотларини YouTube’га жойлаштириш учун ҳам «Ўзбекконцерт»дан рухсат олиши керакми?— Санъаткорларнинг лицензия битимига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хонанда клип чиқардими ёки клип чиқармоқчими — муассаса қошида ташкил қилинган кенгашдан ўтади ва кенгаш хулосасига асосан унинг клипи телеэкранларда ва YouTube тармоғида эълон қилинаверади. Бу ортиқча қоғозбозликнинг олдини олади.

— Тушунишимча, хонандаларни кўп йиллардан бери қийнаб келаётган масала ўз ечимини топибди, яъни энди хонанда бирор клипини эфирга бермоқчи бўлса, ҳар битта телеканалдан алоҳида рухсат олмайди — ягона бадиий кенгаш бор, шундайми?— Йўқ, бу ягона бадиий кенгаш эмас. Кўпгина ҳолатларда хонандалар томонидан эфирга берилган клипларнинг савиясизлиги, бачканалиги ва маънавиятимизга хизмат қилмагани сабаб «Ўзбекконцерт» томонидан эфирдан олинган. Касални даволагандан кўра унинг олдини олган маъқул, деган нақлга амал қилиб, энди YouTube ё телеканалларга чиқариладиган клип бадиий кенгашдан ўтиши керак. Бу хонанда учун енгиллик туғдиради — вақт, маблағ сарфлаб клип олгандан кейин, унинг клипи эфирдан ва YouTube’дан олиб ташлаш ҳолатлари бўлмайди.

— Демак, ҳозирча ягона бадиий кенгаш тузилмаган ва бу масалада «Ўзбекконцерт» телеканаллар билан ҳамкорликни йўлга қўймаган?— Ягона бадиий кенгаш тузилганича йўқ. Аммо бу йўлда ҳаракатлар кетмоқда. Ўйлашимча, бу телеканалларимиз учун ҳам яхши бўлади. Улар ортиқча вақт сарфлаб, ҳар бир хонанданинг клипини алоҳида кўриб чиқишдан халос бўлади. Кенгашнинг ўзидаёқ клип қайси телеканалга берилиши мумкинлиги ҳақида тавсиялар тақдим этилиши ҳам мумкин.

— У ҳолда, «Ўзбекконцерт»нинг янги тартиби фақат YouTube учун амал қилар эканда?— Бу ерда гап клипларнинг умуман эфирга чиқиши ҳақида бормоқда. Бадиий кенгашнинг хулосасидан сўнг, хонанда клипини телевидениега олиб борадими ёки YouTube’га жойлайдими — ўзига ҳавола.

— «Ўзбекконцерт»нинг бадиий кенгашидан ўтган клипга телеканаллар рухсат бермаса, хонанда нима қилади?— Ҳар бир телеканалнинг ўз йўналиши, формати бор. «Ўзбекконцерт»нинг бадиий кенгашидан ўтган клиплар, умид қиламанки, телеканалларнинг бадиий кенгашидан ҳам ўтади. Чунки бизнинг бадиий кенгашда ҳам замонавий, ҳам миллий жиҳатларни жуда яхши тушунадиган, тош-тарозини тенг олиб борадиган аъзолар бор.

— Маълумотларга кўра, «Ўзбекконцерт» бачкана ва саёз деб топган қўшиқларни телеканал эфирларидан олиб ташлаш масаласида телеканалларга мурожаат қилган. Бунда гап Дилфуза Ҳайитметованинг, Сардор Мамадалиевнинг «Маматип», Отабек Муталхўжаевнинг «Бомбей» қўшиқларига ишланган клиплар ҳақида бормоқда. Бу клиплар энди YouTube’дан ҳам олиб ташланадими?— 1 июлдан кейин «Ўзбекконцерт»нинг бадиий кенгашидан ўтмай телеканалларга берилган ва YouTube’га чиқарилган клиплар тўхтатилади. Сиз санаб ўтган клиплар фақатгина телеканаллар эфиридан олинди. YouTube’дан олинмаганини сабаби — ўша вақтда ҳали бунақа тартиб йўқ эди. Янги тартиб, таъкидлаганимдек, 1 июлдан кучга киради.

Изоҳ
Асосий янгиликлар