Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳридаги кичик саноат зонасида МикроГЭС илмий-ишлаб чиқариш корхонаси лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон иқтисодиёт тармоқлари ривожланиши натижасида энергияга бўлган талаб ортиб бормоқда. Фарғона политехника институти вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда МикроГЭС илмий-ишлаб чиқариш корхонаси лойиҳасини таклиф этмоқда.МикроГЭС халқаро таснифга асосан қуввати 0,1 киловаттдан 100 киловаттгача бўлган гидроэнергетик қурилма бўлиб, у асосан гидротурбина, тасмали ва редукторли узатмалар ҳамда асинхрон генератордан иборат. МикроГЭС ГЭСларга нисбатан экологик тозалиги, оддийлиги, арзонлиги, технологик жиҳатдан тайёрлаш ва эксплуатация қилиш осонлиги билан ажралиб туради.
Лойиҳада микроГЭСлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш, Фарғона политехника институтида гидроэнергетика соҳаси мутахассисларини тайёрлаш кўзда тутилган.
МикроГЭСнинг қуввати 50 киловатт бўлган 2 тажриба нусхаси институт олимлари томонидан «Фарғонаазот» компанияси ва Марғилон трактор таъмирлаш корхонаси билан ҳамкорликда Фарғона шаҳридан ўтувчи Марғилонсойга қўйилиб, тажриба-синовдан ўтмоқда.
МикроГЭСлардан олинаётган электр энергия шаҳарнинг Каштанзор кўчаси, «Марғилонсой» тўйхонаси ва «Hamkorbank» ҳудудларини ёритишда ишлатилмоқда.
Фарғона вилояти сув хўжалиги мутахассислари билан биргаликда вилоят ҳудудидан ўтувчи сой ва каналларнинг гидрологик таснифлари ўрганилиб, дастлабки босқичда 230 жойда қуввати 50 киловаттлик микроГЭСлар ўрнатиш режалаштирилган.
Режа амалга ошгач, бир йилда 230 микроГЭСдан олинган қувват 92 миллион киловаттни ёки вилоятда бир йилда сарфланаётган электр энергиянинг 2 фоизини ташкил этади. Бу йилига 17 миллиард сўмлик электр энергия тежалади, деганидир.
«Президент ушбу лойиҳа илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш борасида олиб борилаётган изланишларнинг яққол намунаси эканини таъкидлаб, микроГЭСларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва бошқа ҳудудларга ҳам изчил жорий этиш бўйича тавсиялар берди», — дейилади ЎзА ахборотида.
Изоҳ (0)