Америкалик режиссёр Оливер Стоун Россия президенти Владимир Путин унга намойиш этган авиазарба видеосига изоҳ берди. Бу ҳақда у Ruptly агентлиги томонидан трансляция қилинган матбуот анжумани чоғида айтиб ўтди, деб хабар беради «РИА Новости».
Илгарироқ Оливер Стоун муаллифлигидаги «Путин» сериалининг учинчи қисмида Путин режиссёрга Россия авиацияси Сурияда қандай ишлаётгани акс этган видеоёзувни кўрсатгани маълум қилинган эди. Кейинроқ бир қатор блогерлар аслида бу АҚШ вертолётидан олинган видео бўлиб, унда Афғонистонда «Толибон»нинг америкаликлар томонидан ўққа тутилиши акс этган эканини ёзиб чиқди.
Оливер Стоун бу ҳақда ёзган блогерларнинг қай даражада ишончли манба эканлигини шубҳа остига олди ҳамда Россиянинг сохта видео ишлатишига ҳеч қандай сабаб йўқлигини айтиб ўтди.
«Путин буни сохталаштириб нима қилади? Россия Сурияда ИШИДга қарши курашга улкан ҳисса қўшди, айниқса ИШИД молиявий империясини йўқ қилишга», — таъкидлади киноижодкор.
Стоун сериални суратга тушириш чоғида ахборотни максимал даражада аниқ ва холис етказишга уринганини таъкидлади.
Бир муддат илгари Кремль вакили Дмитрий Песков мазкур видео президентга мудофаа вазири Сергей Шойгу томонидан тақдим этилганини айтиб ўтган эди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)