Қандим конлар гуруҳида газни қайта ишлаш заводининг биринчи навбати қурилиши декабрь ойида якунига етади. Бу ҳақда Халқаро пресс-клуб йиғилишида «Ўзбекнефтгаз» холдинги таркибига кирувчи «Нефтгазинвест» компанияси директори Баҳодир Сиддиқов маълум қилди, дея хабар беради «Газета.uz».
«Мазкур лойиҳа бўйича россиялик ҳамкорлар — ‘Лукойл’ компанияси билан лойиҳани амалга оширишни тезлаштириш қарори қабул қилинди. Дастлаб 2018- йилнинг июнига режалаштирилган биринчи босқич 2017 йил декабрида якунига етади», — деди компания раҳбари.
Баҳодир Сиддиқовга кўра, ҳозир объектга лойиҳада кўзда тутилган 93 фоиз ускуналар етказилган. Завод қурилишида 8 минг киши банд бўлиб, уларнинг 90 фоизи маҳаллий мутахассисдир.
2015 йил февралида «Лукойл» ва Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering компанияси бошчилигидаги пудратчилар консорциуми Қандим ГҚИЗ қурилиши ва уни ускуналар билан таъминлаш бўйича 2,66 миллиард долларлик шартномани имзолаган эди.
Ишлаб чиқариш қуввати 8,1 миллиард куб метр газ бўлган мажмуа қурилиши 2016 йил апрелида бошланди. Мазкур лойиҳанинг биринчи навбатига киритилувчи сармояларнинг умумий ҳажми 3,3 миллиард долларни ташкил этади.
Изоҳ (0)