Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари Андижон вилоятининг Балиқчи туманида ислоҳотлар амалга оширилиши билан танишди, аҳоли билан мулоқотлар ўтказди. Ўрганишлар натижаси халқ депутатлари Балиқчи тумани Кенгаши сессиясида муҳокама қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Парламент аъзолари тумандаги давлат идоралари, ижтимоий соҳа объектлари, шунингдек, 50 га яқин маҳалла фуқаролар йиғинидаги қарийб 900 хонадонда бўлди.
Таҳлилларга кўра, бугунги кунда туман аҳолисини кўпроқ уй-жой, коммунал, транспорт, йўл қурилиши, соғлиқни сақлаш, ишга жойлашиш, пенсия ва нафақа таъминоти, банк-кредит соҳалари билан боғлиқ муаммолар қийнамоқда.
Мулоқотлар давомида ана шу ва бошқа йўналишларда фуқаролар томонидан кўтарилган масала ва муаммоларнинг 60 таси жойида ҳал этилди, 38 масалани вилоят, 8 масалани мамлакат даражасида ҳал этиш бўйича тегишли тартибда депутатлик ва сенаторлик сўровлари киритилди.
Туманда 63 километрдан иборат пиёдалар йўлакчаси мавжуд, шундан 16 километри таъмирталаб, мавжуд 89 бекатдан 45 тасини қайта барпо этиш, шунингдек, 4 та кўприкда таъмирлаш ишларини бажариш, 45 километр йўлни қайта қуриш лозим. Шунингдек, 22 фойдаланилмай турган бино ва иншоот, улар жойлашган 6,6 гектар ер майдонидан унумли фойдаланиш, уларни «нол» қийматда тадбиркорлик субъектларига бериш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Сессияда аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган тиббий ва савдо хизмати кўрсатиш, таълим, айниқса, мактабгача таълим муассасалари ишини яхшилаш, электр энергияси, ичимлик суви таъминоти соҳаларидаги аҳвол, шунингдек, уй-жой мулкдорлари ширкати, ободонлаштириш идоралари мутасаддиларининг масъулиятсизлиги танқид қилинди.
Изоҳ (0)