АҚШ киберқурол арсенали ўтган йил давомида интернетда ИШИДга қарши кураш олиб боришда ўзининг бутунлай самарасиз эканлигини намойиш этди. Бундай қарорни Барак Обама маъмурияти тан олган эди, аммо у ўз хулосаларини ошкор қилмасдан, ИШИДга қарши курашни Дональд Трамп маъмуриятига топшириб кетди. Бу ҳақдаги мақола The New York Times газетасида чоп этилди, деб хабар беради «ТАСС».
Нашрда таъкидланишича, Пентагон қарийб бир йил муқаддам ИШИДга қарши курашда АҚШ шу пайтгача асосан Россия, Хитой, Эрон ва КХДРга қарши қўллаб келган қурол ҳисобдидан янги жабҳа очилганини эълон қилган эди. Янги вазифа интернетда экстремизм тарғиботини, жангарилар ёлланишини, жангарилар орасида ахборот алмашинувини бутунлай тўхтатиб қўйишдан иборат эди. Аммо америкалик мутахассислар ИШИД вакиллари киберқуролга тез мослашиб олганини ва тармоқдаги фаолиятини тиклашнинг янги йўлларини ўйлаб топаётгани тан олишга мажбур бўлди.
Буюк Британия ва Эрондаги охирги терактлар буни яққол кўрсатган воқеалар бўлди.
Шунингдек, собиқ мудофаа вазири Эштон Картер буйруғига кўра тайёрланиб, ўтган йил ноябрида Миллий хавфсизлик агентлиги ва АҚШ қуролли кучлари киберқўмондонлиги томонидан ижро этилган Glowing Symphony операцияси ҳам вақтинчалик муваффақият келтирди.
Аммо якуний оқибатлар шу қадар аянчли бўлдики, Обама Миллий хавфсизлик агентлиги директори, АҚШ киберқўмондонлиги раҳбари адмирал Майкл Рожерсни четлаштиришга ҳаракат қилиб кўрди. Лекин Трамп уни АҚШнинг 16 махсус хизмати фаолиятини назорат қилувчи миллий разведка директори этиб тайинлашни режалаштиргани маълум бўлганидан сўнг адмирал ўз ўрнида қолди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)