60 йилдан ортиқроқ вақт давомида альпинистлар — ҳам профессионаллар, ҳам ҳаваскорлар — Ердаги энг баланд чўққи — Эверестга чиқиб келмоқда, деб ёзади «Mk.ru».
Бу давр мобайнида 280 дан зиёд одам осмонўпар қияликларда ҳалок бўлди. Уларнинг барчаси ҳамон ўша ерда, тепада дафн этилмаган ҳолда қолмоқда. Аммо бу қайғули анъанага нуқта қўйишга қарор қилишди. Яқиндагина Россиянинг Эверестга тарихдаги биринчи гуманитар экспедицияси якунланди. Унинг иштирокчилари ўз олдига Эверестга кўтарилиб, у ерда — «ўлим зонаси»да марҳумларнинг жасадларини герметизациялаш вазифасини қўйди. Альпинистлар 8300 метрдан ортиқ баландликни айнан шундай деб атайди.
«У ерда одам организми ҳар сонияда ўлиб боради. Мия атрофдаги муҳит шароитларини қабул қилишдан шунчаки бош тортади ва тўғри ўзининг ўлимига олиб борувчи буйруқларни беради, — дея аниқлик киритди альпинистлардан бири. — Ўзини енгиб чиқа билиш керак, ўз ‘ички овози’ буйруқларига қарамасдан ҳаракат қилиш керак. Акс ҳолда ўлим юз беради».
Гуманист альпинистлар мурдаларни махсус пишиқ матога ўраб, иплар билан қаттиқ қилиб мустаҳкамлади. Таянч лагерига келгач, видеоролик кадрларини таҳлил қилиб, уларнинг шахсларини аниқлади.
Альпинистлар айтишича, жорий Эверестнинг «ахлоқий» муаммоси шундаки, ушбу чўққига кўтарилиш жуда даромадли тижорат лойиҳасига айланиб қолган. Катта пул тўлаган одамлар эса ўзларини мақсадга мувофиқ тарзда тутади. Улар қачонлардир ўлиб кетган одамларнинг қияликда ётган жасадлари билан иши йўқ: асосийси ўзи тезроқ 8848 метрлик нуқтага чиқиб олиб, у ердан тезроқ ҳаёт учун қулай шароит бор жойга тушиш. Шунинг учун Эверест қурбонларининг жасадларидан кўпинча чўққига кўтарилишда мўлжал сифатида фойдаланилиши, сўқмоқ бўйлаб ҳаракатланисга халал берганларини эса пастга — жарликка қулатиб юборишларидан ҳайратга тушмаса ҳам бўлади, дейди акцияда қатнашган альпинистлардан бири.
Изоҳ (0)