Ливиянинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган вақтинчалик ҳукумати Қатар билан дипломатик муносабатларнинг тўхтатилганини билдирди. Бу ҳақда, Sky News Arabia телеканалига асосланиб, «Газета.ru» хабар бермоқда.
Илгарироқ бундай қарорини Саудия Арабистони, Миср, БАА ва Баҳрайн эълон қилган эди. Кейинроқ улар сафига Яман қўшилди.
Ливия муваққат ҳукумати раҳбари Муҳаммад ад-Доирийнинг сўзларига қараганда, Қатар араб дунёси, шу жумладан, Ливия миллий хавфсизлигига таҳдид солмоқда.
Шунингдек, Қатар билан муносабатларни узган давлатлар қаторига Мальдив ороллари қўшилди.
Саудия Арабистони раҳбарлигидаги араб коалицияси қўмондонлиги Қатарнинг Ямандаги ҳарбий операциядаги иштироки якунланганини маълум қилди, бунга «Доҳанинг ноқонуний гуруҳлар, ‘Ал-Қоида’ ва ИШИДни қўллаб-қувватлаши» сабаб сифатида кўрсатилди. Ўз навбатида, Қатар араб давлатларининг дипломатик алоқаларни узиш ҳақидаги қарорини «ноўрин» деб баҳолади.
Қатар ва унинг минтақадаги қўшнилари ўртасидаги зиддият ар-Риёдда бўлиб ўтган Форс кўрфази мамлакатлари ва АҚШ саммитидан кейин юзага келди. Ўшанда Қатар янгиликлар агентлиги мамлакат амири номидан нутқ эълон қилган, унда Эрон билан алоқалар ўрнатиш ёқлаб чиқилган эди. Кейинроқ Қатар ТИВ расмий вакили агентлик сайтига хакерлар ҳужум қилиб, нутқни улар жойлаштирганини маълум қилди. Аммо Саудия Арабистони, БАА ва Баҳрайн бу раддияни ишончсиз деб топди.
Изоҳ (0)