Шимолий Кореянинг Myohyang IT компанияси Ryonghung iPad номи остида ўз планшет компьютерини чиқарди. Gizmodo’нинг ёзишича, компания маҳсулот рекламасида ўз қурилмасини шунчаки iPad деб атаган.
Планшет частотаси 1,2 гигагерц бўлган тўрт ядроли процессор ва бир гигабайтли оператив хотира билан таъминланган. Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган қурилманинг ички хотираси саккиз гигабайтга тенг. Ишлаб чиқарувчиларнинг таъкидлашича, маҳсулот маҳаллий назорат органи томонидан сертификатлаштирилган.
«Ryonghung iPad харидорлар орасида жуда машҳур. У бир қатор функцияларни бажара олади, жумладан, рақамли ахборотнинг турли манбаларини ўқий олади, шунингдек, офис ишларини бажариш ва ҳужжатлар билан ишлашда ҳам ёрдам кўрсатади», — дейилади маҳсулот брошюрасида.
Қайд этишларича, Ryonghung iPad’га қўшиб «тармоқ орқали уланадиган» клавиатура ҳам берилади. Планшетга олдиндан 40 та мобил дастур ўрнатилган бўлиб, улар орасида калкулятор, саломатлик энциклопедияси ва Good Doctor 3.0 тиббий сервиси бор.
Бу Шимолий Кореяда Apple маҳсулотларидан нусха кўчириш билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. 2015 йили Пхеньянда iMac’га жуда ўхшаш моноблок савдоси бошланган эди.
Бундан ташқари, Шимолий Кореяда Fedora Linux базасида Red Star OS операцион тизими ишлаб чиқилган бўлиб, унинг интерфейси Mac OS X’дан кўчирилган.
Изоҳ (0)