Манчестерда юз берган теракт қурбонлари хотираси учун 25 май куни бутун Буюк Британияда бир дақиқалик умуммиллий сукут сақлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Ўқув муассасалари, полиция бўлинмалари ва бошқа жойлардаги расмий маросимлардан ташқари, бутун мамлакат бўйлаб оддий одамлар ҳам қурбонлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида бир дақиқа сукут сақлади.
Twitter’нинг юзлаб фойдаланувчилари ҳамдардлик сўзлари битилган хабарларни қолдирди. Улардан бирининг маълум қилишича, маҳаллий вақт билан соат роппа-роса 11:00 бўлганида у кетаётган автобус ҳайдовчиси автобусни бир дақиқа давомида тўхтатиб турган.
Умуммиллий сукут дақиқаси акциясига хорижда истиқомат қилаётган кўплаб британияликлар ҳам қўшилган.
23 майга ўтар кечаси Manchester Arena ёпиқ стадионида америкалик хонанда Ариана Гранденинг концерти якунига етгани ҳамоноқ портлаш юз берди. Ҳодиса оқибатида 22 киши ҳалок бўлди, 75 киши тан жароҳати олди.
Полиция ахборотига кўра, теракт 22 ёшли Салмон Обидий томонидан амалга оширилган. ОАВ ахборотига кўра, у Буюк Британияда, ливиялик қочоқлар оиласида дунёга келган.
Изоҳ (0)