22 май куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Туркманистон Алоқа вазирлигининг вазир ўринбосари Ашир Гараев бошчилигидаги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашувда Ўзбекистон ва Туркманистон давлатлари ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг янги саҳифаси очилиб, барча йўналишлар бўйича юқори даражали муносабатлар ўрнатилаётганлиги таъкидланди. Жумладан, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ўзаро алоқалар тобора ривожланмоқда.
Учрашувда қайд этилганидек, илғор технологияларни жорий қилиш, ҳамкорликда АКТ йўналишида тажриба алмашишнинг истиқболларини ўрганиш муҳим масала ҳисобланади. Хусусан, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, кадрлар малакасини ошириш, «электрон ҳукумат»ни ривожлантириш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)