Британиялик олимлар Instagram’ни соғлиққа энг катта зиён келтирувчи ижтимоий тармоқ деб тан олди. Бу жамоат соғлиғи бўйича Қироллик жамияти ва Ёшлар саломатлиги учун ҳаракат томонидан чоп этилган қўшма ҳисоботда қайд этилди, деб хабар беради «РИА Новости».
Тадқиқотчилар 14–24 ёш оралиғидаги 1479 кишини сўровдан ўтказди. Ёшлардан севимли ижтимоий тармоқлар ҳақида сўралиб, уларга ҳар бирини бир неча сўз бўйича баҳолаш таклиф қилинди. Бу сўзлар: «ёлғизлик», «депрессия», «саросима», «масхара», «ташқи имиж яратиш». Умумий ҳисобда ҳар бир респондентга 14 тадан савол берилди.
Тадқиқот доирасида YouTube, Instagram, Snapchat, Facebook ва Twitter таҳлил этилди. Бу рўйхатдагилардан энг ижобий имижга YouTube эга бўлиб чиқди — бу сервис ёшларга энг ижобий таъсир ўтказар экан. Ундан кейин рўйхатдан бир тартиб Twitter ва Facebook ўрин эгаллади. Snapchat ва Instagram фойдаланувчилардан энг кам ижобий баҳо олди.
Ҳисоботда айтилишича, 16–24 ёш оралиғидаги ёшларнинг 91 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланади.
Изоҳ (0)