«Яндекс.Украина» ҳисоблари блокировка қилингани сабаб, компания ҳамкорлари ҳисобига маблағларни қонуний ўтказиб бериш чораларини қидирмоқда. Бу ҳақда «Яндекс» матбуот хизмати маълум қилди, деб хабар берди Forbes.
«Украина президентининг №133/2017 қарори кучга киргани сабаб «Яндекс.Украина» МЧЖ «Яндекс» реклама тармоғидаги ҳамкорларимизга мукофот пулини ўтказишимиз мумкин бўлган барча ҳисобларни блокировка қилиб қўйди. Барча маблағлар ҳамкорлик ҳисоб варақаларида қолмоқда, бироқ биз ҳозирча ҳамкорларимиз ҳисобига ўтказа олмаймиз», — деди компания вакили.
«Яндекс»да ушбу муаммо тезда бартараф бўлмаслиги таъкидланди. «Биз маблағларни ўтказишнинг ва ҳамкорликни давом эттиришнинг бошқа қонуний йўлларни қидирмоқдамиз», — дея қўшимча қилди компания. «Яндекс»нинг Украинадаги ҳисобларининг тўхтатилиши компания қимматли қоғозларининг котировкасига салбий таъсир кўрсатди.
Бир кун давомида «Яндекс» акциялари Москва биржаларида 3,5 фоизга тушиб кетди — бу ҳар бир қоғоз учун 1551 рубль (қарийб 27 доллар) дегани. 18:00 даги ҳолат бўйича ҳар бир акциянинг қиймати 1574 рублга (қарийб 27,5 доллар ) — 2,11 фоизга тушган.
Изоҳ (0)