Смартфонлар учун оммабоп AnTuTu бенчмарки (қувватни ўлчаш учун дастур) ишлаб чиқувчилари дунёдаги энг маҳсулдор қурилмалар рейтингини тузди, деб ёзади «Вести.ru». Таҳлилчилар 2017 йилнинг 1 апрелидан 30 апрелигача бўлган статистикани жамлаб, ҳар битта модель учун маълумотларнинг камида мингта нусхасини тўплади.
Рўйхатда ўтган йилнинг сентябрида чиққан iPhone 7 Plus етакчилик қилди. Унинг ишлаш тезлиги ўртача 177 220 баллга баҳоланди. Exynos 9 чиплари билан жиҳозланган Samsung Galaxy S8+ (172 640) ва Galaxy S8 (172 636) тегишли равишда иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаб, iPhone 7 (170 936)ни тўртинчи ўринга сиқиб чиқарди. Юқори бешликка катта фарқ билан (159 547) OnePlus 3Т якун ясади. Кейинги поғоналарда LeEco Le Pro3, OnePlus 3, LeEco Le Max2, ZTE Axon 7 ва ASUS ZenFone 3 жойлашди.
Энг маҳсулдор Android-қурилмалар Galaxy S8+ ва S8 бўлди, учинчи ўрин One Plus 3Тъга насиб этди. Юқори ўнликка шунингдек, LeEco Le Pro3, OnePlus 3, LeEco Le Max2, ZTE Axon 7, ASUS ZenFone 3, Moto Z ва Xiaomi Mi 5s кирди.
Изоҳ (0)