Навоий вилоятида 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни «Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик» ҳамда «Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият» шиорлари остида юқори савияда кенг нишонланмоқда. Бу ҳақда Навоий шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати хабар бермоқда.
Навоий шаҳрида яшаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилган фахрийларга Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 72 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсий табриги ҳамда қимматбаҳо совғалар Навоий вилояти ҳокими Қ. Турсунов томонидан тантанали етказилди. Шунингдек, Навоий шаҳар ҳокими У. Халилов, «Нуроний» жамғармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вакиллари, мудофаага кўмаклашувчи »Ватанпарвар» ташкилоти ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, шунингдек, бир гуруҳ ўқувчи ёшлар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг хонадонларига бориб, уларни Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади.
Хонадонларга ташрифи давомида вилоят ҳокими Қ. Турсунов уруш ва меҳнат фронти фахрийлари давлат раҳбарининг доимий эътиборида эканини айтиб ўтди. Вилоят ҳокими, шунингдек, бу фахрийлар ҳаётнинг ўта оғир синовларига дош берган, урушнинг даҳшатли азоб-уқубатларини бошдан кечириб, ўзида мардлик ва жасоратни мужассам этган инсонлар эканлигини алоҳида таъкидлади.
Навоий шаҳар ҳокими У. Халилов Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев йўллаган табрикни ўқиб эшиттирди.
«Президентимиз табригини ҳозиргина менга Навоий шаҳар ҳокими У. Халилов ўқиб берди. Табрикда ‘Сиздек қаҳрамон юртдошимизга бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорчилик билдиришни ўзим учун ҳам қарз, ҳам фарз деб ҳисоблайман’ деб ёзилгани қалбимга ғурур бахш этди, кексайганда бундай эътирофга эришганимни таърифлашга ожиз қолдим. Ўтганларни хотирлаб, биздек кексаларни қадрлаётган юртда яшаётганимга шукр қиламан», — деди фахрий Ибрагим Исмаилов.
Изоҳ (0)