Буюк Британия Brexit учун 100 миллиард евро тўламайди. Бу ҳақда 3 май, чоршанба куни қиролликнинг Европа Иттифоқидан чиқиши бўйича вазири Дэвид Дэвис маълум қилди, деб хабар берди Reuters.
«Биз ўзимизнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларимиз қандай эканлигини батафсил муҳокама қилиб олишимиз керак», — деди вазир. Шунингдек, Дэвис Британия ҳукумати Европа Иттифоқидан чиқиш бўйича қанча маблағ тўлаши керакли борасида Брюсселдан маълумот олмаганини таъкидлади.
The Financial Times’нинг ёзишича, Франция ва Германия Британиядан 100 миллиард тўлашни талаб қилмоқда. Шу билан бирга Еврокомиссия раҳбари Жан-Клод Юнкер Лондондан 50 миллиард фунт стерлинг, Австрия канцлери Кристиан Керн эса 60 миллиард талаб қилмоқда.
Буюк Британия эса уч миллиардан ортиқ бўлмаган маблағни тўлашга тайёр.
28 март куни Британия бош вазири Тереза Мэй расман Brexit жараёни бошлангани ҳақидаги тегишли мактубини имзолаган эди.
Изоҳ (0)