Қирғизистоннинг Ўш вилояти, Ўзган туманидаги Аю қишлоғига ёпирилган кўчки оқибатида ҳалок бўлган 24 кишидан учтасининг жасади топилди. Қирғизистон диний арбоблари қидирув ишларини тўхтатишга ва фавқулодда вазият содир бўлган жойни умумий қабрга айлантиришга чақирмоқда, деб хабар берди «Интерфакс».
Қирғизистон ФВВ вакили Авазбек Айтиевнинг маълум қилишича, кўчки сабаб Аю қишлоғида қидирув ишлари бошланган, унда 500 га яқин одам иштирок этмоқда.
«Кеча уч кишининг жасади топилди: 1997, 2005 ҳамда 2015 йилда туғилган қизлар эди. Уларнинг жасади кўчки содир бўлган ернинг чеккасида уйнинг томи кўриниб турган жойдан, саккиз метр чуқурликдан топилди», — деди Айтиев.
Қирғизистон уламолар кенгаши қидирув ишларини тўхтатишга чақирмоқда. Мусулмонлар идораси сайтининг ёзишича, уламолар Ўзгандаги вазият бўйича йиғилиш ўтказган. «Уламолар кенгаши аъзоларининг ҳисоблашича, шариат ҳалок бўлганлар жасадини ер остида қолишига ва жаноза намозини ўқишга рухсат беришини маълум қилди, кенгашнинг 11 аъзоси тириклай кўмилганлар бўйича қидирув ишини тўхтатишга овоз берди ва фожиа жойини қабрга айлантириш бўйича фатво берди», — деб келтирилди хабарда.
ФВВ эса уламолар кенгашининг қарори ҳеч қандай юридик кучга эга эмаслигини, ҳалок бўлганларнинг қариндошлари талаб қилмагунга қадар қидирув-қутқарув ишлари давом этишини маълум қилди.
Қирғизистоннинг Ўш вилояти, Ўзган туманидаги Аю қишлоғига маҳаллий вақт билан соат 7:20 (Тошкент вақти билан соат 6:20) атрофида ёпирилган кўчки еттита уйни босиб қолганди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)