Польша 2025 йилнинг ҳозирги даврига қадар Тайвандан қарийб 6.5 миллион долларга дрон импортини амалга оширди. Шу билан мамлакат Тайвандан дрон харид қилиш бўйича Европада етакчига айланди. Бу ҳақда RBC хабар берди.

Маълум қилинишича, 2025 йилнинг биринчи ярмида Тайваннинг дрон экспорти деярли 750 фоизга ошиб, 11,89 миллион долларни ташкил этган. Бу экспортнинг ярмидан кўпи Польшага тўғри келмоқда.
“Польша 6,48 миллион долларлик харид амалга оширди. Бу жами экспортнинг 54 фоизини ташкил қилади”, деди Тайван ташқи савдони ривожлантириш кенгаши (ТAIТRА) вакили.
Тайвандан дрон харид қилишда иккинчи ўринни АҚШ забт этган — Қўшма Штатлар мамлакатдан 1,55 миллион долларлик техника сотиб олган. Бу 2024 йилга нисбатан 209 фоиз кўп дегани.
Европанинг яна икки давлати — Германия ва Чехия учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган. Жумладан, Германия дронларга 1,46 миллион доллар сарфлаб, 2024 йилга нисбатан 258 баравар кўп харидни амалга оширган. Чехиянинг харидлари эса 1,04 миллион долларни ташкил этмоқда. Бешликни Гонгконг якунлаб, бу мамлакатга 1 миллион долларлик дрон етказиб берилган.
ТAIТRА’нинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи давлатлари “геосиёсий кескинликлар” фонида мудофаа ва киберхавфсизликни кучайтиришга ҳаракат қилиб, Хитойдан мустақил бўлган етказиб берувчиларга юзланмоқда.
Европага юборилаётган дронлар асосан ҳарбий мақсадларда — чегараларни муҳофаза қилиш, ҳудудни назорат қилиш ва душман дронларига қарши курашда ишлатилаётгани айтилган. Шунингдек, улар қишлоқ хўжалиги, инфратузилма назорати ва шаҳар хавфсизлигини таъминлашда ҳам қўлланилмоқда.

Изоҳ (0)