Исроил ҳукумати Наблус яқинида, Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғида 25 йил мобайнидаги биринчи янги манзилгоҳ қурилишини маъқуллади. Бу ҳақда «Ведомости» хабар бермоқда.
Эмек Шилодаги янги манзилгоҳга аввалроқ суд қарори билан ноқонуний қурилган деб топилган Амон манзилгоҳидан чиқариб юборилган одамлар жойлаштирилиши билдирилмоқда.
Jerusalem Post нашрига кўра, мазкур қарор 3 ҳафта мобайнида АҚШ маъмурияти билан муҳокама этилди. Оқ уй истисно тариқасида, мамлакат бош вазири Биньямин Нетаньяху Амондаги одамларга янги уй беришни ваъда қилгани учун бунга рози бўлди.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Исроилнинг мазкур қароридан ҳафсаласи пир бўлганини билдирди. Унга кўра, ҳар қандай бир томонлама ҳаракатлар минтақадаги барқарорлик ва икки давлатни яратиш режасига раҳна солади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Дональд Трамп Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуга Исроил ва Фаластин ўртасидаги баҳс мавзусига айланган ҳудудларда манзилгоҳлар қуришдан «бироз тийилиб туриш»ни маслаҳат берган эди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)