Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасида «Божхонада интерактив хизматлар – тадбиркорлар учун таянч» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди, деб хабар беради ЎзА.
Тадбирда тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштирувига доир бир қатор қулайликлар яратиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳозирда 22 турдаги интерактив хизмати амалиётга жорий этилгани қайд этилди.
Шунингдек, матбуот анжуманида жорий йилнинг март ойидан бошлаб ташқи савдо шартномаларини электрон шаклга ўтказишга мўлжалланган E-KONTRAKT 2 дастурий таъминотининг янги версияси ишга туширилгани ҳақида маълумот берилди. Мазкур янги дастурий таъминотда тадбиркорлар учун шартномалар ижроси бўйича барча маълумотларни, шу жумладан, банк томонидан киритилган ва божхона юк декларацияси бўйича маълумотларни божхонага мурожаат этмасдан, тўғридан-тўғри интернет орқали олиш имконияти яратилди. Ўтган даврда ушбу хизматдан 540 дан зиёд тадбиркор фойдалангани таъкидланди.
Жорий йилдан бошлаб Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида «Божхона калкулятори» интерактив хизмати амалиётга жорий этилди. Ушбу хизмат орқали божхонада расмийлаштирилиши режалаштирилган товарнинг божхона ставкалари ва тўланиши лозим бўлган қиймати ҳақида истаган вақтда интернет орқали маълумот олиш мумкин.
«Жорий йилда тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштируви жараёнларининг очиқлигини таъминлаш мақсадида яна иккита янги хизмат амалиётга жорий этилди. Булар ‘Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш’ ҳамда ‘Божхона брокерига тартиб рақамини бириктириш’ интерактив хизматларидир, — деди Давлат божхона кўмитаси ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бошқармаси бошлиғи А.Саидов. — Эндиликда божхона чегарасидан ўтишни режалаштирган фуқаро олдиндан йўловчи божхона декларациясини тўлдириб божхона органига тақдим этиши йўлга қўйилди».
Тадбирда бу йўналишда келгусида амалга оширилиши кутилаётган режа ва лойиҳалар юзасидан ахборот берилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Изоҳ (0)