Қашқадарё вилоятида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси фаолиятидан аҳоли мамнун, деб хабар беради ЎзА.
Ғузор тумани Жарариқ қишлоғида яшовчи Дилфуза Алимардонова фарзанди бўйин қийшиқлиги касаллиги билан туғилгани, оиласининг уни даволатишга имконияти йўқлиги сабабли кўмак сўраб, Халқ қабулхонасига мурожаат қилган.
«Мурожаатим тезда қабул қилиниб, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига даволаниш учун йўлланма берилди, – деди Д.Алимардонова. – Қўли енгил, малакали шифокорларнинг жарроҳлик амалиётидан кейин фарзандим шифо топиб, бўйнидаги қийшиқлик тўғри бўлди».
Мурожаат қилаётган ҳар бир фуқаронинг ариза ва шикояти холисона, ўз вақтида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилмоқда. Ўтган даврда Халқ қабулхоналарига вилоят бўйича 2063 фуқаро мурожаат қилган бўлса, уларнинг асосий қисми бандлик, уй-жой, пенсия ва нафақа, суд, тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш, тиббиёт соҳаларига оид. Аҳоли томонидан билдирилган муаммоларнинг кўпчилиги шу ернинг ўзида ечимини топмоқда, қолганлари назоратга олинмоқда.
Мурожаат қилувчилар учун Халқ қабулхоналарида барча қулайлик яратилган. Замонавий жиҳозланган она ва бола, тиббиёт хоналари, кутиш заллари фуқаролар ихтиёрида.
«Кўпдан буён уй-жой масаласида қийналаётган эдик, – деди Косон тумани Нартибаланд маҳалласида яшовчи фуқаро Санобар Санақулова. – Шу боис ер участкаси ажратилишини сўраб мурожаат қилдик. Сўровимиз қисқа муддатда қондирилиб, тўрт сотих ер майдонига эга бўлдик».
Изоҳ (0)