АҚШ президенти Дональд Трамп Германия канцлери Ангела Меркелга Берлин НАТОга хавфсизлигини таъминлагани учун 374 миллиард доллар тўлаши лозимлигини англатувчи ҳужжатни топширди. Бу ҳақда немис ҳукуматидаги манбаларга таяниб, Sunday Times маълум қилди, дея хабар беради «Ведомости».
Олдинроқ АҚШ президенти Германиянинг қарздорлиги масаласида бир неча бор тўхталиб ўтганди.
«Германия мамлакатга тақдим этилган қудратли ва ўта қиммат турадиган мудофаа учун НАТО ва АҚШга жуда катта миқдорда пул тўлаб бериши лозим», — дея таъкидлаганди Трамп.
Нашрга кўра, қарздорлик ҳақидаги ҳужжат Меркелга Вашингтондаги икки давлат раҳбарлари музокаралари чоғида топширилган.
«Бундай талабларни билдиришнинг моҳияти бошқа томонни чўчитишдан иборат. Бироқ канцлер буни хотиржам қабул қилди ва бу каби қутқуларга эътибор бермайди», — дея фикр билдирди немис мансабдорларидан бири.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Германия парламенти депутатлари Трампнинг мамлакат НАТО ва АҚШдан қарздорлиги ҳақидаги гапларидан дарғазаб бўлгани билдирилганди.
Изоҳ (0)