Лондонда 22 март куни пиёдалар ва полициячиларга ҳужум қилган шахснинг исми-шарифи Холид Маъсуддир. Бу ҳақда, Meduza’нинг ёзишича, Лондон полиция хизмати маълум қилган.
Маъсуд 52 ёшда бўлган, у кентлик эди. Маълумотларга кўра, у сўнгги вақтларда Уэст-Мидлендс графлигида яшаб келаётган эди (терактдан сўнг бир неча киши ҳибсга олинган Бирмингем шаҳри шу графликда жойлашган).
Холид Маъсуд бир неча бор, хусусан, оғир жароҳат етказгани ва ноқонуний қурол сақлагани учун судланган. Сўнгги бор 2003 йили жазога тортилган.
Полициядагиларнинг маълум қилишича, терактни амалга ошириш вақтида у тергов остида бўлмаган; ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари унинг теракт уюштириш ниятидан бехабар бўлган.
Холид Маъсуд 22 март куни Лондондаги Буюк Британия парламенти биноси олдида ўнлаб одамларни уриб ўтди ва полициячиларга пичоқ билан ҳужум қилди, шундан сўнг полициячилар томонидан отилди.
Теракт оқибатида тўрт киши (жумладан, террорчининг ўзи) ҳалок бўлган, 30 га яқин одам турли даражада тан жароҳати олган.
Ҳужум учун жавобгарликни ИШИД террорчилик ташкилоти ўз зиммасига олди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)