Дунёдаги энг қиммат автомобиллар қаторига тайёрланиш жараёнида олтиндан фойдаланилган автоуловлар кириши, шубҳасиз. «Мотор» нашри турли қисмларида олтин ишлатилган автомобиллар фотожамланмасини тақдим этди.
McLaren F1
Формула-1 муҳандиси Гoрдон Марри томонидан лойиҳалаштирилган McLaren F1 вазнини енгиллаштириш ва двигатель самарадорлигини ошириш учун ортиқча деталлардан воз кечилган. Автомобилда на ABS, на рулнинг гидрокучайтиргичи бор. Кондиционер ва аудиотизим узоқ баҳслардан сўнг ўрнатилган.Марри двигателнинг юқори ишчи ҳарорати карбонли кузовга зарар етказади деб ҳисоблаган, олтин эса дунёдаги ҳароратни қайтарувчи энг яхши материал. Натижада ҳар бир «Макларен» мотор қисмининг иссиқлик изоляцияси учун 24 каратли 16 грамм қимматбаҳо металл сарфланган.
Lykan HyperSport
Lykan HyperSport’нинг 3,7 литр сиғимли 780 от кучига эга двигатели жуда кучли бўлса ҳам, автоуловда олтин иссиқлик қайтарувчи сифатида ишлатилмаган. Қимматбаҳо металл машина салонини безаш учун қўлланилган.Аниқроғи, олтин мижознинг хоҳишига кўра қўлланилади: буюртмага кўра араб суперкарининг ўриндиқлари олтин иплар ёрдамида тикилган, ёритиш қурилмалари эса олмослар билан безатилган. Етти нусхада йиғилган автомобилларнинг бири Дубай полициясига тегишли.
Koenigsegg Agera S Hundra
Agera Hundra модели ягона нусхада гонконглик коллекционер учун тайёрланган ва Koenigsegg маркасининг юзинчи автомобили ҳисобланади. Машина номидаги Hundra айнан шуни англатади. Гиперкар тақдимоти 2013 йилда Женева автосалонида бўлиб ўтган.Hundra моделининг ўзига хос фарқли томони шундаки, карбонли кузов чизиқлари ва қанотларнинг пастки чизиқлари 24 каратли олтин билан чизилган. Олтин тутун чиқариш трубаси атрофида ҳам ишлатилган.
Mansory Bugatti Veyron LINEA Vincero d’Oro
Mansory компанияси лойиҳани 2010 йилда Bugatti Veyron асосида яратди. Автомобиль ёқилғи баки қопқоғининг атрофи, радиатор панжараси, ғилдирак дискалари, орқани кўрсатувчи ташқи ойна корпуси қимматбаҳо металл билан қопланган.
Vincero d’Oro ягона нусхада йиғилган. Олтин иплар автомобиль салонида ҳам ишлатилган. Бунда Veyron’нинг бир қатор элементлари тўлиқ қайта ишланган.
TopCar Porsche Panamera Turbo S Stingray GTR
Тюнинг-лойиҳа Россиянинг TopCar компанияси томонидан 2011 йилда яратилган. У шахсий буюртма асосида йиғилган Porsche Panamera’ни акс эттиради. Автомобилнинг умумий қиймати 567 850 долларни ташкил қилади. Бундан қарийб 205 минг доллари тюнинг деталлари учун сарфланган.Panamera ташқи кўриниши Stinger GTR қопламаси ва қора ранги билан ажралиб туради. Машинанинг ўриндиқлари тимсоҳнинг оқ териси билан қопланган, Карел қайинидан тайёрланган қисмлар, шунингдек, олтиндан тайёрланган тезлик узатиш қутиси қисми, эшик очгичлар, эшик карталари ва марказий қурилмалар қисми салонга ўзгача кўриниш берган.
Carlsson CS50 Versailles
Версал саройида бўлгани каби Carlsson CS50 Versailles ҳам ички ва ташқи томондан олтин билан қопланган. Компания 25 та шундай машина ишлаб чиққан. Уларнинг асосий қисми Хитой ва Яқин Шарқ мамлакатларига сотилган.Кузовдаги ингичка олтин қопламаси махсус чўткалар ёрдамида ҳосил қилинган. Автомобиль салони олтин билан қопланган элементлар, шоколад ва ёрқин тилла жилоли табиий Наппа териси билан безалган. Ҳар бир Carlsson CS50 Versailles, тахминан, 500 минг доллар туради.
Ueli Anliker Mercedes McLaren SLR 999 Gold Dream
Машина Veyron LINEА Vincero d’Oro каби 2010 йилда тақдим этилган. У McLaren SLR асосида яратилган. Усталарнинг 35 000 соатлик ишларидан сўнг суперкар ҳақиқий металлга айланди. Олтин уловнинг ҳамма жойида ишлатилган: диска, салон, бўёқ.700 от кучигача кучайтирлган V8 двигатели «Олтин орзу»ни соатига 350 километр тезликда ҳаракатланишига имкон беради. Автомобиль 2011 йилда 11 миллион доллар нарх билан савдога чиқарилган.
Mercedes McLaren SLR White Gold
Атрофида турли миш-мишлар айланиб юрадиган эртакнамо McLaren’ни Монако ва Дубай кўчаларида тез-тез учратиш мумкин. Бир қатор манбаларга кўра, суперкар кузови тўлиқлигича оқ олтин билан қопланган. Савол туғилади: машина Амирликлардаги 50 даража иссиққа қандай бардош беради?Маълумотларга кўра, суперкарга 1600 от кучига эга тўрт турбинали V10 двигатели ўрнатилган. Аниғи шуки, автомобиль БААлик миллиардерга тегишли.
Tata Nano Goldplus
Қандай қилиб дунёдаги энг арзон автомобилни Bugatti Veyron’дан икки марта қиммат машинага айлантириш мумкин? Бутун кузови олтин билан қопланган суперкар саволга жавоб беради. Автомобилни йиғишда олтиндан ташқари олмос, рубина ва кумушдан ҳам фойдаланилган.Кузов устида амалга оширилган ўзига хос иш Nano компанияси томонидан амалга оширилган. Машинанинг нархи 4,6 миллион доллар ҳисобланади. Бу нусха сотувга чиқариш учун мўлжалланмаган бу Tata компаниясининг Land Rover ва Jaguar’ни сотиб олгани учун ўз-ўзига совғаси бўлган.
Rolls-Royce Silver Spur
Бруней султонининг никоҳ маросимлари учун яратилган Rolls-Royce 14 миллион долларга баҳоланган. Silver Spur охирги марта султон Хассанал Болкиахнинг қизи турмушга чиқаётган вақтда ҳаракатланган. Ноодатий улов кузов айланаси бўйлаб олтин нақшлар билан қопланган.Бруней султони Хассанал Болкиах дунёдаги энг бой кишилардан бири ҳисобланади. Унинг автомобиль коллекциясида етти мингдан ортиқ машина бор, уларнинг катта қисми ягона нусхада тайёрланган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)