Сурхондарё вилояти прокуратураси ва ички ишлар органларининг кенгайтирилган қўшма йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев ва Ички ишлар вазири, генерал-майор Абдусалом Азизов иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда вилоят ҳудудида ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва ҳамкорликдаги ишларнинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Ички ишлар органларининг маҳаллий ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари билан биргаликда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши кураш, жамоат тартибини сақлаш, аҳоли осойишталигини таъминлаш борасидаги фаолияти танқидий жиҳатдан кўриб чиқилди.
Вилоятда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолият барча жойларда ҳам талаб даражасида ташкил этилмагани оқибатида жиноятларни фош этиш кўрсаткичи тобора пасайиб бормоқда. Тергов ҳаракатлари сифатсиз олиб борилаётгани туфайли кўплаб жиноят ишлари қўшимча терговга қайтарилмоқда. Энг ачинарлиси, жиноятларни ҳисобдан яшириш ҳолатлари ҳануз давом этмоқда.
Ички ишлар вазири Абдусалом Азизов вилоят ички ишлар органлари фаолиятида юқоридаги каби хато ва камчиликлар мавжудлигини қайд этиш баробарида, ҳозирги кунда воҳада жиноят содир этгани учун қидирувда бўлган шахсларни қидириб топиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳам қониқарсиз аҳволда эканлигини таъкидлади. Шунингдек, қуйи тизим ўз ҳолига ташлаб қўйилганлигини, улар устидан кундалик назорат сусайтириб юборилганлигини, тегишли идоралар ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик тизимли ташкил этилмаганлигини танқид қилди.
Йиғилишда вилоят прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи, вилоят ИИБ соҳавий хизматлари ҳамда туман-шаҳар ИИБлари бошлиқлари ва прокурорларининг ахборотлари тингланди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан қўшма йиғилиш қарори қабул қилинди. «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)