Айрим хорижий ОАВларда Тошкент вилояти, Оҳангарон туманидаги «Янги ҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қорамоллар орасида оқсил касаллиги тарқалганлиги тўғрисида маълумотлар тарқатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ФВВ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суннат Оққиев бошчилигида бир гуруҳ ветеринария мутахассислари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ва «Янги ҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳамроҳлигида жойига чиққан ҳолда эпизоотик вазиятни ўрганиб чиқишди.
Маҳалла фуқаролар йиғинида уйма-уй юриш усулида ветеринария мутахассислари томонидан олиб борилган ўрганиш давомида йирик шохли ва майда шохли қорамоллар орасида оқсил касаллиги белгилари аниқланмади. Ўрганилган хонадонларда қорамоллардан лаборатория текширувлари учун намуналар олинди.
Шу ҳудудда истиқомат қилувчи хонадонида қорамоллари бор фуқаролар билан суҳбатлашилганда, қорамолларни оқсил касаллиги билан касалланганлиги ва нобуд бўлганлиги бўйича умуман хабарлари йўқлиги аниқланди.
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2016 йилда 4,5 миллион доза миқдорида оқсил касаллигига қарши эмлама сотиб олинган ва республиканинг буфер ҳудудларидаги барча йирик шохли қорамоллар эмланган. Ҳозирги кунда республика ҳудудида эпизоотик вазият ўзгаришсиз ва ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)