Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга сафари давомида 25 февраль куни Қарши шаҳридаги Гулшан маҳалласида фуқаролар йиғини ходимлари ва профилактика инспектори биргаликда ишлаши учун яратилган шароитлар билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Қарши шаҳрида маҳалла фуқаролар йиғинларининг аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш, улар учун замонавий шароит яратиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда «Гулшан» маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилгани бунинг далилидир.
Маҳалла идорасининг замонавий биносида барча шароит яратилган. Маҳалла раиси, котиб, маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар ажратилиб, компьютер, мебел, тегишли адабиётлар билан таъминланган.
Profiлактика инспектори хонаси маҳалла ҳудудидаги жамоат объектларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари орқали ҳудудни назорат қилиб туриш имкониятини берувчи монитор билан жиҳозланган.
Маҳалла жамиятимиздаги адолат тамойилларининг кўзгусига айланиши керак, деди Ўзбекистон Президенти. Бу ер одамлар келиб фикрини, таклифини, дардини айтадиган, муаммосига ечим топадиган жой бўлиши керак. Маҳалла раиси ва профилактика инспектори ҳудуддаги ҳар бир оиланинг аҳволидан хабардор бўлиши, ким нима билан машғул — ҳаммасини билиши лозим. Ушбу тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад маҳаллани кечаю кундуз одамларнинг аҳволидан бохабар бўладиган масканга айлантиришдир.
Қарши шаҳридаги барча милиция таянч пунктларини бир-бири билан боғловчи оптик толали тизим барпо этиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)