Сергей Лушчан бошчилик қилаётган Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби Осиё Чемпионлар лигасида салкам 400 дақиқадан буён гол урмайди. «Championat.asia» маълумотига кўра, «қалдирғочлар»нинг голсиз серияси 4 та ўйинга етган.
2017 йил ҳисобидан «Бунёдкор» 2 та учрашувда майдонга тушди. Қатарда «Ал-Жаиш»га асосий вақтда ҳам, пенальтилар сериясида ҳам гол ура олмади. Кейин гуруҳ босқичининг илк турини Саудияда ўтказиб, «Ал-Аҳли»дан 0:2 ҳисобида енгилди.
«Бунёдкор» 2016 йилги мавсумнинг сўнгги икки турини ҳам голсиз ўтказган. Қатарнинг «Лаҳвия» жамоаси билан кетма-кет икки бор тўқнаш келган Сергей Лушчан шогирдлари ўйинларнинг бирида 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган, иккинчисида 0:2 ҳисобида енгилган.
Тошкент клуби Чемпионлар лигасидаги навбатдаги ўйинни 28 февраль куни ўз майдонида Амирликларнинг «Ал-Айн» клубига қарши ўтказади.
Изоҳ (0)