«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги ижтимоий фикрни билиш мақсадида экспресс-сўров ўтказилди.
Уч кун мобайнида олиб борилган тадқиқотда Тошкент шаҳри аҳолиси иштирок этди. Экспресс-сўров фуқароларнинг ушбу ҳужжат мазмунидан юқори даражада бохабар эканлигини намоён қилган. Жумладан, унда қатнашганларнинг 72,3 фоизи қарорнинг мақсади ҳамда моҳиятини яхши англайди. 26,5 фоизи умумий маъносини тушунишини айтиб ўтган.
Тадқиқотга қараганда, қарор мазмуни ҳақида маълумот етказган асосий манбалар Миллий телерадиокомпания телекўрсатувларидир. Респондентларнинг ҳар учинчиси бу ҳақда республика радиостанцияларини тинглаб билган. Сўровнинг ҳар тўртинчи қатнашчиси эса мамлакат раҳбарияти қабул қилаётган барча янги ҳужжатлар ҳамда қарорлар хусусида даврий нашрлар, қарийб яна шунчаси интернет-порталлар орқали ўқиб бораётганини қайд этган.
Тадқиқотда респондентларнинг 97,1 фоизи Шавкат Мирзиёевнинг Биринчи Президент хотирасини абадийлаштириш ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаши ва унга қўшилишини эътироф этган.
Фуқаролар Биринчи Президент таваллуд топган сана — 30 январь кунини ҳар йили кенг нишонлаш, 2 сентябр санасини Хотира куни сифатида ёд этиш, олий ўқув юртлари талабалари учун Ислом Каримов номидаги Давлат стипендиясини жорий қилиш, Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий ҳамда бадиий асарлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратиш ҳақидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлагани сўров натижаларида ўз инъикосини топди.
Респондентлардан Биринчи Президент хотирасини абадийлаштириш мақсадида амалга ошириш мумкин бўлган таклифлар хусусида ҳам сўралди. Жавоб берилдики, ҳар бир шаҳардаги кўчалардан бирига Ислом Каримов номи берилиши лозим. Иштирокчиларнинг учдан бир қисми эса энг яхши тадбиркор ва фермер учун Биринчи Президент номидаги махсус грант таъсис этилишини таклиф қилди. Ўз навбатида, Ислом Каримов ҳаёти, давлат бошқарувидаги фаолияти Ватан фаровонлиги йўлида ўрганиладиган ўқув курсини ташкил этиш бўйича фикрлар билдирилди.
Бундан ташқари, сўров қатнашчилари Биринчи Президент номидаги мукофот таъсис этилиб, у Ислом Каримов ташаббуси билан асос солинган «Шарқ тароналари» мусиқа фестивали доирасида топширилса, айни муддао бўлишини айтишди. Респондентлар спорт, айниқса, уч босқичли — «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада мусобақаларида муваффақиятларга эришган ёшлар учун Ислом Каримов номидаги мукофотни таъсис этишни таклиф қилди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)