Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Муҳаммадазиз Фахриддинов ўз иссиқхонасида совуққа чидамли, эртапишар лимон етиштирмоқда, деб хабар беради ЎзА.
Муҳаммадазиз Фахриддиновнинг отаси, Ўзбекистонда цитрус мевалар етиштириш асосчиси ҳисобланган селексионер олим Зайниддин Фахриддинов лимоннинг совуққа чидамли, эртапишар навини етиштириш учун уни совуққа чидамли 30 дан ортиқ мева кўчатларига, ғўза, қора мурч каби ўсимликларга ҳам пайвандлаб, чатиштириб синовдан ўтказган, бироқ натижа бермаган эди.
Яшил қаламчалардан кўчат тайёрлашда Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот марказида яратилган «ўзхитан» препаратидан фойдаланган Муҳаммадазиз Фахриддинов отасининг орзусини амалга оширди.
Ҳозирда олимнинг иссиқхонасидаги косадек лимонлар ҳажми тахминан уч килограмм келади. Меваларнинг ранги ва шакли деярли бир хил.
Мазкур кўчатлар икки йил иссиқхона шароитида етилгач, очиқ майдонда экилди. Уч йил эҳтиётлаб парвариш қилинса, кўчатнинг қуввати ошгани сайин унинг ташқи таъсирга чидамлилиги ошиб боради. Айни вақтда мазкур кўчатлар 10 даражагача бўлган совуққа дош бермоқда. Қибрай туманининг Чингелди қишлоғида лимоннинг ҳар тупидан 200 килограмм ҳосил олинмоқда. Мулкдорлар ҳар йили хорижга катта миқдорда лимон экспорт қилмоқда.Муҳаммадазиз Фахриддинов ҳозирда Қашқадарё, Сирдарё, Хоразм, Навоий, Жиззах, Бухоро вилоятларидаги фермер ва шахсий томорқа эгаларига лимон кўчатлари етказиб берилаётганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, Тошкент вилоятида «Тошкент» маҳаллий навига талаб юқори.Муҳаммадазиз Фахриддинов, Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)