Американинг йирик Walmart чакана савдо тармоғида автомобиллар савдоси бошланади. Супермаркетларда янги ва эски автомобилларни интернет орқали танлаш учун махсус терминаллар очилади. Автомобиль танланганидан кейин тизим мижозга керакли дилерлик марказига боришни таклиф қилади. Бу ҳақда «Мотор» хабар берди.
Лойиҳа амалга ошириладиган интернет-платформа CarSaver деб номланади. Автомобилни танлаш билан бирга, тизим тўлов усулини танлашга ва суғуртани расмийлаштиришга ҳам имкон беради.
Жараён сенсор экранли терминаллар орқали амалга оширилади. Дастлаб терминаллар Walmart тармоғининг 25 та дўконига ўрнатилади. Ҳар қандай савол юзасидан телефон орқали қўллаб-қувватлаш марказига боғланиш мумкин.
Айни вақтда, CarSaver тўловларда иштирок этмайди — ҳисоб-китоблар харидор ва сотувчи ўртасида бевосита амалга оширилиши керак, CarSaver эса амалга оширилган савдо бўйича дилердан ҳақ олади.
Ўтган йили Walmart ва CarSaver дастурнинг пилот версиясини Флоридада ишга туширган эди. Бу дастурда 20 та автомарказ иштирок этди.
Тизимдан фойдаланилган ҳолатларнинг ярмидан кўпи автомобиль хариди билан якунланди, мижозлар эса бозордаги ўртача нархга нисбатан уч минг доллардан кўпроқ пул тежаб қолди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)