Давлатлараро авиация қўмитаси (ДАҚ) экспертлари Бишкек яқинидаги юк Boeing’и ҳалокатини ҳодиса жойида ўрганишни якунлади. Бу ҳақда авиаҳалокат сабабларини текшириш бўйича комиссия раиси, ДАҚ вакили Леонид Каширский Қирғизистон бош вазири Сооронбай Жээнбеков билан учрашув чоғида маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Каширский яқин орада барча маълумотлар Қирғизистонда оммага тақдим этилишини айтди. Авиаҳалокат оқибатларини бартараф этиш бўйича штабдагилар аниқлик киритишича, ДАҚ вакиллари лайнер қулаган жойни текширишни якунлаган, аммо «авиаҳалокат юз берган вазиятни ўрганиш давом этмоқда».
Гонконг—Бишкек—Истанбул йўналишида парвоз қилаётган Туркия компанияларидан бирига тегишли Boeing 16 январь куни Бишкекнинг Манас аэропортига қўниш вақтида яқиндаги дала-ҳовлилар жойлашган қишлоққа қулади. Лайнер 23 та бир қаватли турар-жойларни тўлиқ бузиб ташлади. Қирғизистон ФВВ маълумотларига кўра, ҳодиса натижасида камида 35 киши, шу жумладан, экипаж аъзолари ҳалок бўлди. Яна камида 19 киши Бишкек касалхоналарига етказилди.
Изоҳ (0)