Ироқ ОПЕК аъзолари ҳамда картелга кирмайдиган нефть етказувчи мамлакатлар ўртасида эришилган нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш бўйича келишувни амалга татбиқ эта бошлади. Бу ҳақда Ироқ нефть вазири Жаббор ал-Лоибий баёнот берди, деб хабар қилади «ТАСС».
«2017 йил кириб келиши билан Ироқ нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти билан эришилган келишувга мувофиқ нефть хом ашёси етказиш ҳажмини қисқартириш жараёнига киришди. Ироқ ОПЕКнинг Венадаги охирги йиғилишида қабул қилинган қарорига ҳамда таклиф этилган нефть етказиш ҳажмини қисқартириш режасига садоқатини изҳор қилади», — дейилади вазирлик сайтида чоп этилган баёнотда.
Ал-Лоибийнинг сўзларига қараганда, Ироқ ОПЕКнинг қолган аъзолари ҳамда унга кирмайдиган бошқа мамлакатлар билан бирга жаҳон нефть бозорида таклифни қисқартириш, бу билан талаб ва таклиф ўртасидаги зарурий мувозанатни тиклаш йўлида ишламоқда.
Изоҳ (0)