Пан Ги Мун БМТ ходимлари билан хайрлашди ва халқаро ташкилот штаб-квартирасини тарк этди
БМТ бош котиби Пан Ги Мун 30 декабрь, жума куни, ваколати тугашидан бир кун аввал халқаро ташкилотнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасини тарк этди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Ўзининг 38-қаватдаги кабинетини бўшатар экан, БМТнинг ҳисоб бўйича саккизинчи раҳбари айримлари 2007 йилдан бери бирга ишлаган ходимлар билан хайрлашди.
«Охирги 10 йил мобайнида минглаб нутқ сўзладим. Лекин ҳали ҳам айтадиганларим кўп. Ҳозир хаёлимда фақат икки сўз айланяпти: сизларга раҳмат. Сизларни ҳамкасбим деб аташдан фахрланаман. Шу пайтгача менга минглаб ходимлар ва БМТга аъзо давлатлар ёрдам бериб келди. Энди ҳаммаси ўзимга қолиб кетадиган бўлди», — деди ҳазиломуз Пан Ги Мун.
Пан Ги Мун халқаро ташкилот раҳбари сифатида охирги бор 31 декабрь, шанба куни Нью-Йоркдаги Таймс-сквер майдонида Янги йил байрами махсус меҳмони бўлди ва 2017 йилгача қолган дақиқаларни ҳисобловчи тугмани босиб берди.