Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

25 декабрь тонгида Россия Мудофаа вазирлигининг Ту-154 самолёти Адлер аэропортидан ҳавога кўтарилиши билан Қора денгизга қулади. Самолётда Суриянинг Хмеймим базасидаги рус аскарларига Янги йил концертини тақдим этиши режалаштирилган Александров номидаги ашула ва рақс ансамбли артистлари бўлган. Улар билан бирга Россия «Биринчи канали», «NTV» ва «Звезда» телеканалларининг тасвирга олиш гуруҳлари парвоз қилаётган эди. Самолёт бортида жами 92 киши бўлган, деб ёзади Meduza.

Фото: Meduza

Фото: Meduza

Бортида артистлар бўлган Ту-154 самолёти (борт рақами RA-85572) 25 декабрга ўтар кечаси Москва вақти билан 1:38 да Москва вилоятидаги Чкаловск аэропортидан йўлга чиққан эди. У ёнилғи олиш учун Сочига қўниб, Москва вақти билан 5:20 да яна ҳавога кўтарилган. Сўнгги маълумотларга кўра, лайнер ҳавога кўтарилганидан сўнг икки дақиқа ўтиб радарлардан ғойиб бўлган. Қутқарувчилар қирғоқдан 1,5 километр нарида, 50—70 метр чуқурликда самолёт бўлакларини топди. Айни вақтда, бўлаклар жуда кенг майдонга сочилиб кетгани айтилмоқда: «Интерфакс» манбаси берган маълумотларга кўра, қирғоқдан 6—8 километр узоқликда мой излари ва ҳалок бўлганларнинг жасадлари аниқланган, самолёт бортида бўлганларнинг баъзи шахсий буюмлари эса соҳилдан 14 километр нарида ҳам топилган.

Авиаҳалокат сабаблари ҳозирча номаълум. Экипажнинг диспетчер билан мулоқоти эълон қилинган, ундан келиб чиқиб хулоса қилинадиган бўлса, Сочидан учиш олдида учувчилар ҳеч қандай муаммони ҳис қилмаган. Айни вақтда, «Лайф» ахборотига кўра, Ту-154 Сочи эмас, Моздокда ёнилғи олиши керак эди, бироқ ноқулай об-ҳаво шароити сабаб бошқа аэродром танланган. «Интерфакс» манбаларининг тахминига кўра, бортда қандайдир ҳал қилувчи техник носозлик рўй берган бўлиши мумкин, айни вақтда, учувчиларнинг ўзи хатога йўл қўйган, деган эҳтимол ҳам йўқ эмас. Мазкур мақола ёзилаётган вақтда самолётнинг «қора қути»лари ҳали топилмаган эди.

Самолёт бортида Александров номидаги ашула ва рақс ансамбли ҳам бўлган. 68 нафар санъаткор Россиянинг Суриядаги Хмеймим ҳарбий базасида бўладиган Янги йил концертида қатнашиши лозим эди. Улар билан бирга Россия «Биринчи канали», «NTV» ва «Звезда» телеканаллари мухбирлари ҳам парвоз қилаётган эди. Йўловчилар рўйхатида шифокор ва филантроп Елизавета Глинка (Доктор Лиза) ҳам бор; Глинканинг турмуш ўртоғи шифокор самолёт бортида бўлгани ва ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Россия Тергов қўмитаси парвоз қоидалари бузилиши моддаси бўйича жиноят иши қўзғади, парвоз раҳбарларини сўроқ қилиш ва ҳалокатга учраган лайнер ҳужжатларини тўплаш ишлари бошланиб кетган. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия президенти Владимир Путин авиаҳалокат тафсилотлари бўйича мудофаа вазири Сергей Шойгудан мунтазам ахборот олиб турганини маълум қилди. Айни вақтда, Путин авиаҳалокатда қурбон бўлганларнинг қариндошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Президент ташриф буюрган Андижон туманидаги 55-мактаб — суратларда 
Маҳаллий
Словакиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди
Маҳаллий
“Андижонда 127 минг нафар ишсиз фуқаро мавжуд. Ҳар йили яна 50 минг нафар ёшлар меҳнат бозорига кириб келади” — президент