Корея Республикаси ҳукумати Берлин ва Анқарадаги ҳужумлардан кейин мамлакатда террорчилик хавфи ошганини маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
22 декабрь, пайшанба куни бўлиб ўтган ҳукумат кенгашида огоҳликни ошириб, оммабоп жамоат жойларида ҳужумлар олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирларни тайёрлаш ҳақида қарор қабул қилинди.
Хусусан, биринчи навбатда ҳукумат мамлакатнинг чет элдаги фуқароларини ўзларини ҳужумлардан асраш йўлларидан хабардор қилади. Бундан ташқари, республиканинг Сеул ва Пусан каби йирик шаҳарларида аксилтеррорчилик органлари мажлислари бўлиб ўтади.
Кенгаш чоғида, шунингдек, ижтимоий тармоқларда ИШИД террорчилик гуруҳи томонидан олиб борилаётган фаол тарғиботчилик фаолиятига қарши курашиш зарурлиги айтиб ўтилди.
19 декабрь куни Ғарбий Берлиннинг марказий қисмида Рождество ярмаркаси бўлиб ўтаётган ҳудудга юк машинаси бостириб келган, натижада 12 киши қурбон бўлиб, 48 киши яраланган эди.
Шу куниёқ Анқарадаги кўргазма очилишида Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карлов ўлдирилди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)