Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) директорлар кенгаши тез орада Франция судининг жамғарманинг бошқарувчи директори Кристин Лагардни «ўз хизмат вазифаларини бажаришда масъулиятсизликка йўл қўйганлик»да айбдор деб топиш ҳақидаги қарорини муҳокама қилади. Бу ҳақда ХВЖ расмий вакили Жерри Райс тарқатган баёнотда айтилади, деб ёзади «ТАСС».
Франция Республикаси суди 19 декабрь куни Лагардни Франция иқтисодиёт вазири лавозимида ишлаган чоғида «ўз хизмат вазифаларини бажаришда масъулиятсизликка йўл қўйганлик»да айбдор деб топган эди. Шу билан бирга, унинг адвокати Патрик Мезоннёв сўзларига кўра, суд ҳеч қандай жазо тайинламаган.
Аввалроқ Лагард Франция иқтисодиёт вазири лавозимини эгаллаб турган пайтда инвестор ва сиёсатчи Бернар Тапига Adidas компаниясидаги улуши учун товон пули тўланганлик билан боғлиқ бепарволикда гумон қилинган эди. Франция суди ХВЖ раҳбарига нисбатан расмий тергов ишини 2014 йилнинг августида бошлаган эди.
Изоҳ (0)