Футбол бўйича клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатида иккинчи бор зафар қучган «Реал» футболчиси Криштиану Роналду, мусобақа доирасида илк бор энг яхши деб топилди.
Мадрид клубининг ғалабаси билан якунланган 2014 йилги мавсумда энг яхши бўлиш ҳимоячи Серхио Рамосга насиб қилганди. Қайд этиш керак, 2016 йилги мавсум доирасидаги икки ўйинда Криштиану Роналду жами 4 та гол уришга муваффақ бўлди. У ярим финалда «Америка» дарвозасини бир бор нишонга олган бўлса, «Кашима Антлерс»га қарши финал ўйинида хет-трик қайд этди.
«Барселона» аъзоси Лионель Мессида эса бундай совринлар сони 2 тани ташкил қилади. «Олтин тўп» рақобатида бўлгани каби, клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатида энг яхши бўлиш борасида ҳам Роналду Мессидан 1 та фарқ билан ортда қолган.
«Барселона» чемпионликни нишонлаган 2015 йилги мавсумда энг яхши футболчи бўлиш бахти Луис Суаресга насиб қилган. 2006 йил «Барса» финалда Бразилиянинг «Интернационал» клубидан енгилганида энг яхши бўлишни Деку уддалаган.
Лионель Месси эса 2009 йил БААдаги ва 2011 йил Япониядаги турнирларда энг яхши футболчи учун аталган совринларни қабул қилиб олган.
Маълумот учун, Криштиану Роналду 2016 йилги мавсумда учта йирик турнирда зафар қучди: Европа Чемпионлар Лигаси, Европа Чемпионати ва клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати. Бу ютуқларнинг дастлабки иккитаси сабаб у йил якунида тўртинчи бор «Олтин тўп» эгасига айланди.
Изоҳ (0)