Гамбия хавфсизлик хизмати ходимлари мустақил сайлов комиссияси штабига бостириб кириб, уни эгаллаб олди. Бу ҳақда, Reuters’га асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Сайлов комиссияси раисининг сўзларига қараганда, ҳарбийлар комиссия ишчиларига ҳеч нарсага тегинмай, бинони тарк этишни буюрган.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Гамбияда президент сайлови билан боғлиқ сиёсий инқироз давом этмоқда. Гамбияни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Яйя Жамме 1 декабрда бўлиб ўтган президент сайловида 36,7 фоиз, унинг мухолифатчи рақиби Адам Барроу эса 45,5 фоиз овоз олди. 3 декабрда Жамме мағлубиятини тан олди, бироқ бир ҳафтадан сўнг сайлов комиссиясидаги «йўл қўйиб бўлмас камчиликлар»ни рўкач қилиб, янги сайловлар ўтказишга чақирди.