Футбол бўйича Испания Ла Лигаси Европа қитъасида кетма-кет тўрт мавсумдирки пешқадамликни ҳеч кимга бермайди.
Испания клублари қолганлардан кучлироқ экани натижаларда кўринди. Оддий мисол, Европа Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигасида иштирок этаётган Испаниянинг барча — етти клуби ҳам гуруҳ босқичини муваффақиятли босиб ўтди. Европа Лигасида «Севилья»нинг кетма-кет юришлари, «Барселона», «Реал» ва «Атлетико»нинг Чемпионлар Лигасидаги гегемонлигига қарамай, трансляцияни сотиш борасида Ла Лига Англия Премьер-Лигасидан ортда қолади.
Испания Ла Лигаси бу борада Англиядан ўзиб кетиш учун катта ҳажмдаги ишларни бошлади. «Барселона» ва «Реал Мадрид» иштирокидаги ўйиннинг Тошкент вақти билан 20:15 да бошлангани ҳам шу йўлдаги қадамдир. Энг катта бозор — Осиёни эгаллаш учун Ла Лига жиддий бел боғлаган. Бу вақт Хитой, Ҳиндистон ва Шарқий Осиёнинг қолган мамлакатлари учун ҳам айни муддао эди.
Ла Лиганинг бугунги кундаги шиори шундай: мухлислар «Эль-Класико»ни кўриш учун Испанияга кела олмаса, «Класико»нинг ўзи улар томон боради. Хитойнинг Пекин ва Шанхай, Ҳиндистоннинг Нью-Дели ҳамда Мумбай, шунингдек, ЖАР пойтахти Йоханнесбург марказларида «Эль-Класико» куни катта экранлар ўрнатилиб, шаҳар аҳолиси йилнинг энг қизиқарли ўйинларидан бирини кўриши учун шароит яратилди. Шу куни экран остида ҳаёт қайнади, мухлислар байрам қилди, савдогарлар молини сотиш орқали фойда кўрди ва ҳоказо.
Ла Лига ҳар бир шаҳарга яқин ўтмишнинг юлдуз футболчиларини бир ҳафат аввал юбориб, ўзига хос PR компания бошлагани эътиборга молик. Бунинг ортидан Фернандо Мориентес Пекинга, Гаиска Мендьета Шанхайга, Луис Гарсия Нью-Делига, Фредерик Кануте Мумбайга, Крисиан Карамбё эса Йоханнесбургга йўл олди.
Испания Ла Лигаси бу кетишда Англия Премьер-Лигасига анчагина яқинлашиб олиши мумкинлиги «Championat.asia» сайтидаги мақолада ёзилган. Масалан, 3 декабрь куни бўлиб ўтган «Манчестер Сити» — «Челси» ўйини нисбатан қизиқарлироқ ўтди, шунга қарамай «Барселона» — «Реал Мадрид» ўйини кўпроқ мухлис жамғара олди.
Изоҳ (0)