Япония парламентининг юқори палатаси Транс-Тинч океани ҳамкорлигига қўшилиш ҳақидаги битим ратификацияси учун овоз берди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Аввалроқ ноябрь охирида битимни қуйи палата ҳам ратификация қилган эди. Натижада 9 декабрь, жума куни ушбу ҳужжат тўлиқ тасдиқланди.
Япония томонидан битимнинг ратификация қилиниши АҚШ президентлигига сайланган Дональд Трампнинг ушбу иқтисодий альянсга салбий муносабати туфайли унинг келажаги юзасидан ташвишли вазиятда бўлиб ўтди. Трамп ўз мамлакатининг Транс-Тинч океани ҳамкорлигига қўшилишига йўл қўймаслигини бир неча марта таъкидлаган.
АҚШнинг амалдаги президенти Барак Обаманинг барча ҳаракатларига қарамасдан, Конгресс мазкур ҳужжатни ратификация қилмади.
Транс-Тинч океани ҳамкорлиги — Осиё-Тинч океани ҳудудидаги 12 мамлакатнинг (Австралия, Бруней, Вьетнам, Канада, Малайзия, Мексика, Янги Зеландия, Перу, Сингапур, АҚШ, Чили ва Япония) савдо альянсидир.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)