Лесли Моррисон ҳамда унинг Дарем университети (Британия) ва Денгиз астрономия альманахи ходимлари бўлмиш ҳамкасблари милоддан аввалги 780 йилдан 2015 йилгача бўлган Ернинг айланишига доир тарихий маълумотларни бир ерга тўплаб, таҳлилдан ўтказди. Proceedings of the Royal Society A журналида чоп этилган мақоласида улар сутка давомийлигини аниқ ўлчаш 1962 йилда Халқаро атом вақти жорий этилиши билан бошланганини, унга қадар эса одамлар астрономия, археология, геофизика ва тарихий даракларга асосланиб келганини таъкидлайди. Мақола мазмунини TJournal келтирди.
Олдинги Ой ва Қуёш тутилишлари вақтининг назарий ҳисоб-китоблари қадимги Хитой, Бобил, Миср, Юнонистон солномалари билан қиёсланди. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, охирги минг йилликлар давомида Қуёш ва Ой тутилишларининг аниқ вақти назарий ҳисоб-китоблардан бироз фарқланган, бунинг натижасида юз йилда бир кун тахминан 2 миллисекундга узайиб борган.
Айтилишича, Ер айланишининг секинлашувига фақатгина денгиз сувларининг соҳилга урилиши ва Ой фазалари таъсир ўтказиб қолмайди. Олимларнинг фикрича, бунга қўшимча тарзда охирги муз давридан буён давом этаётган глобал массалар қайта тақсимоти, шу жумладан, қутб музларининг эриши ва денгиз сатҳининг ўзгариши таъсир ўтказмоқда. Бундан ташқари, сайёра ядроси ва мантияси ўртасидаги ҳозирча тушунарсиз бўлиб қолаётган электромагнит таъсирлашуви, шунингдек, ер силкинишлари ҳам бунда маълум рол ўйнаши мумкин.
Изоҳ (0)